Москва ва Подмосковьеда ковидга қарши эмланганлар ўртасида автомобиль ва уй ўйналади

Москва ҳукумати коронавирусга қарши эмланганларни рағбатлантириш мақсадида янги акцияни бошлаб юборди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 июн — Sputnik. Москвада COVID-19 га қарши эмланганлар ўртасида автомобиллар ўйналади. Бу ҳақда шаҳар мэри Сергей Собянин маълум қилди.
Ютуқли дастурда 18 ёшдан катталар қатнашиши мумкин. Улар COVID-19 га вакцинанинг биринчи компонентини олган бўлишлари керак. Биринчи босқич 14 июндан 11 июлга қадар бўлиб ўтади.
Ҳар ҳафта нархи тахминан бир миллион рубль бўлган бешта машина ўйналади. Қайси русумли машиналар эканлиги очиқланмаган.
Кеча Москвада пандемия бошлангандан буён энг юқори касалланиш кўрсатгичларидан бири қайд этилди – бир кунда 7704 кишида ковид аниқланди. Шу боис шаҳарда қатор чекловлар киритилди, хусусан, умумий овқатланиш муассасалари фаолияти чекланди, иш берувчиларга ходимларининг камида 30 фоизини масофавий иш шаклига ўтказиш тавсия қилинди. Бундан ташқари, ҳукумат умумшаҳар битирув кечасини бекор қилди.
Россияда COVID-19 билан касалланиш кескин кўпаймоқда
Подмосковьеда ҳам коронавирусга қарши эмланганлар ўртасида акция бошланади. Вакцинанинг биринчи компонентини олганлар хонадонли бўлишлари мумкин.
Бунинг учун Москва вилояти Соғлиқни сақлаш вазирлигининг эмлаш пунктларида 2021 йил 15 июндан 25 июнга қадар эмланган бўлиш керак.
Ютуқли дастурда 18 ёшдан катта бўлган ҳар бир Россия фуқароси иштирок этиши мумкин.
Қайд этиш жоизки, Москва шаҳрида 27 апрелдан коронавирусга қарши эмланган 60 ёшдан юқори бўлганлар учун “Миллионта туҳфа” рағбатлантириш дастури бошланган. Коронавирусга қарши эмланган кекса москваликлар қиймати 1000 рублга тенг туҳфа картаси ёки промокод олишлари мумкин.