ТОШКЕНТ, 12 июн — Sputnik. Бухоро вилояти Жондор туманида ОИВ инфекциясини била туриб, ўзгага юқтирган аёл аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, Вобкент туманида яшовчи 34 ёшли С.Д. исмли аёл 2019 йилнинг май ойидан бери ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахс сифатида вилоят ОИТСга қарши курашиш Маркази томонидан рўйхатга олинган. Аёл бир неча маротаба ёзма равишда касалликни бошқаларга юқтирмаслик ҳақида огоҳлантирилган.
Ўтказилган тезкор тадбирда у шунга қарамасдан, Жондор тумани Далмунобод маҳалласидаги хонадонлардан бирида фуқаро С.Ш. билан ҳимоя воситасиз жинсий алоқада бўлгани аниқланган.
Аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 113-моддаси 4 қисми (Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) билан жиноят иши очилган.