ТОШКЕНТ, 10 июн — Sputnik. “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 июлдан тегишли материалларни ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорларга Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан қуйидагилар тақдим этилади:
- инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида, шу жумладан айланма маблағларни тўлдириш учун бериладиган банк кредитлари суммасининг 50 фоизигача, бироқ 15 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда кафолатлар;
- Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналарига берилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун қуйидагича компенсациялар:
- миллий валютадаги кредитлар бўйича – Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, бироқ 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда;
- чет эл валютасидаги кредитлар бўйича – тижорат банклари томонидан белгиланган ставканинг 50 фоизи, бироқ 4 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда;
- синов лабораторияси ускуналарини сотиб олиш ва халқаро сифат менежменти стандартларини жорий этиш харажатларини қоплаш учун компенсациялар.
Фармонга кўра, шунингдек:
24 та туман (шаҳар)лар қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилиб,уларда “кичик саноат зоналари” ташкил этилади;
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳузурида Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш ташкил қилинади.