ТОШКЕНТ, 10 июн — Sputnik. Халқаро ўқ отиш спорти федерациясидан Ўзбекистон Токио-2020 Олимпия ўйинлари учун лицензия қўлга киритганини маълум қилди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар қилди.
“Ҳамюртимиз Мухтасар Тоҳирова пневматик милтиқдан 10 метр масофадан ва 50 метр масофадан 3 ҳолатда ўқ отиш дастурларида квалификацион даврда тўплаган юқори баллари учун Токио-2020 Олимпия ўйинларининг лицензияларига эга бўлди”, - дейилган хабарда.
Спортчи Мухтасар Тоҳирова лицензион даврдаги 2019 йил Қатарнинг Доха шаҳрида ўтган Осиё чемпионати ва Германиянинг Зуль шаҳрида ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида юқори натижани қайд этган эди. Бу йил ҳам Қозоғистонда ўтган халқаро мусобақада 10 метр масофада кечган дастурда ғалаба қозонган.
Шу тариқа, Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси мамлакатнинг Токиога йўл оладиган делегацияси ҳисобини яна 2 та лицензия билан тўлдирди.