ТОШКЕНТ, 8 июн — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев дунёдаги энг баланд Эверест чўққисини забт этиб, унда давлат байроғини ҳилпиратган альпинист Сергей Денисенкони “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан мукофотлади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Кеча Сергей Денисенко Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди. Мазкур тадбирда Туризм ва спорт вазирлиги мутасаддилари, МОҚ вакиллари, унинг яқинлари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.
9 июнь куни Туризм ва спорт вазирлигида альпинистга фахрий унвон ва президент совғаси “Trailblazer” автомобили калити топширилди.
Сергей Денисенко 1 июнь куни Эверест (Жомолунгма) чўққисини (8848 метр) забт этган эди. Бу Непал томонидан ўзбекистонлик альпинистнинг биринчи марта ушбу чўққига чиқишидир. Спортчи буни Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига ҳадя қилган.