Талабаларга академик таътил беришнинг янги тартиби белгиланди – асосий ўзгаришлар

ОТМ талабалари академик таътил олиши мумкин бўлган ҳолатлар кўпайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 июн — Sputnik. Ҳукумат қарори (344-сон) билан Олий таълим муассасалари талабаларига академик таътил бериш тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, ОТМ талабаларига академик таътил қуйидаги ҳолларда берилиши мумкин:
ҳарбий хизматни ўташ учун;
саломатлигини тиклаш учун;
ҳомиладорлик ва туғиш учун;
болаларни парвариш қилиш учун;
оиласининг бетоб аъзосини (отаси, онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, турмуш ўртоғи, фарзанди) парвариш қилиш учун.
Талабанинг академик таътил олиш ҳақидаги мурожаати бир ҳафталик муддатда кўриб чиқилади ҳамда ОТМ ректори (директори)нинг буйруғи билан расмийлаштирилади.
Академик таътил бериладиган талабалар аризасига (ихтиёрига) кўра ОТМ ректори (директори)нинг буйруғига мувофиқ, унинг ўқиши академик таътил муддатига таълимнинг сиртқи ёки масофавий ёки экстернат таълим шаклига ўтказилиши мумкин.
Талабага академик таътил берилиши уни олий таълим муассасасидан четлаштириш деб ҳисобланмайди. Талабаларга академик таътил даврида стипендиялар тўланмайди.
Академик таътилдан белгиланган муддатда қайтган талабаларга илгари ўзлаштирилган фанларни қайта ўзлаштириш мажбурияти юклатилмайди.