Жазирама ҳаво сабаб Қарши-Москва парвози кечикди

Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 июн — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда Қарши халқаро аэропортида самолёт ўт олмагани ва йўловчилар бир ярим соат самолёт ичида иссиқда қолиб кетгани ҳақидаги видео тарқалди. Йўловчилар кондиционер ишламаганидан ҳам шикоят қилишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Транспорт вазирлиги муносат билдирди. Аниқлик киритилишича, 5 июнь куни Россиянинг “Royal Flight” авиакомпанияси ABG-2604 Қарши – Домодедово рейсини амалга ошириши лозим эди. Шу куни соат 13:32 да Boeing-767-300 самолёти Қарши халқаро аэропортига келиб қўнган. Аэропорт самолёт ва йўловчиларга барча техник ва сервис хизматларини кўрсатган.
“Бироқ республикада кузатилаётган иссиқ туфайли самолётнинг асосий ва қўшимча двигателлари қўшилмай қолди. Самолёт компьютери параметрларини қайта териш ва бир неча бор двигателларни қўшишга қайта уринишлар ҳам иссиқнинг ҳаддан зиёд кучайиши оқибатида самара бермади. Асосий ва қўшимча двигателларни ишга тушириш имкони бўлмагач, табиийки, самолётнинг кондиционер тизими ҳам ишламади”, - дейилган хабарда.
Халқаро фуқаро авиацияси қоидаларига кўра, йўловчилар самолётга чиқарилиб, ҳаво кемаси эшиклари ёпилгач, йўловчилар хавфсизлиги бўйича барча қарорлар самолёт экипажи командири томонидан қабул қилинади.
Экипаж командири йўловчиларни тушириш ҳақида қарор қабул қилгач, йўловчилар самолётдан зудлик билан туширилган ва Қарши халқаро аэропортида йўловчиларга барча зарурий шароитлар яратиб берилган.
Самолёт 6 июнь куни тонгги соат 04:54 да ((аслида жўнаш 5 июнь куни соат 15:30 га режалаштирилган эди) белгиланган манзилга жўнаб кетган ва 329 нафар йўловчи Домодедово аэропортига соғ-саломат элтиб қўйилган.
Ўзгидромет аҳолини жазирама об-ҳаво ҳақида огоҳлантирди