Қўл жанги бўйича Жаҳон чемпионати илк бор Тошкентда ўтказилмоқда

Қўл жанги бўйича Жаҳон чемпионати илк бор Россиядан бошқа мамлакатда ўтказилмоқда ва унинг биринчи хорижий мезбони - Ўзбекистон.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 июн – Sputnik. Қўл жанги бўйича Жаҳон чемпионати 5-7 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтади, деб хабар қилмоқда Халқ сўзи нашри.
Мусобақага дунёнинг 30дан ортиқ мамлакатларидан спортчилар ва меҳмонлар келади. Мусобақа спортчилар ёши бўйича икки гуруҳга бўлинган: 18-37 ёшли ва 38-49 ёшли спортчилар орасида. Биринчи гуруҳда эркаклар орасида 9 та ва аёллар орасида 8та вазн тоифалари белгиланган.
18-37 ёшли спортчилар гуруҳида Ўзбекистондан Абдуллоҳ Аҳмадалиев, Фаёз Аҳмадов, Жасур Ҳасанов, Жўрабек Мавлонов, Санжар Равшанов, Жаҳонгир Расулов, 38-49 ёшлилар орасида эса - Назиржон Мўйинов, Искандар Каримов, Ботир Раҳмонов, Даврон Аввалбаевлар ҳимоя қилишади.
Айтиш жоизки, мезбон давлат сифатида Ўзбекистон терма жамоаси ҳар бир вазн тоифасида икки нафардан спортчини баҳсларда иштирок этишга ҳақли. Ушбу муносабат билан жами 16 нафар ўзбекистонлик спортчилар гиламга тушади.
Миллий гвардия қўмондони қўл жанги федерациясига раҳбар этиб сайланди
Ўзбекистон томонидан ушбу тадбирга Халқаро қўл жанги федерацияси, Ўзбекистон туризм ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон қўл жанги федерацияси, Ўзбекистон Миллий гвардияси ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Бугун Тошкентда бўлиб ўтган ушбу мусобақага бағшланган матбуот анжуманида, Жаҳон чемпионати Тошкентда илк маротаба ўтказилаётган бўлсада, ўзбекистонлик спортчилар бундан аввалги дунё биринчиликларида муваффақиятли иштирок этиб келгани таъкидланди. Жумладан, 2019-йил Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси жамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллагани қайд этилди.