Келажакда якуний имтиҳон ва кириш имтиҳони бирлаштирилади – ДТМ

Бунда олдинги йилларда битирган абитуриентлар учун эса кириш тест синовлари алоҳида ўтказилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 июн — Sputnik. Келгуси ўқув йиллари умумий таълим муассасалари битириувчиларининг якуний имтиҳони ОТМларга кириш имтиҳонига тенглаштирилади. Бу ҳақида АОКАда бўлиб ўтган брифингда Давлат тест маркази ахборот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоев маълум қилди.
Айни дамда, мактаб, академик лицейлар битирувчиларининг якуний давлат имтиҳонларини кириш тест синовларига тенглаштириш, яъни унификация қилиш тўғрисида қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган ва тегишли давлат органларига тақдим этилган.
Янги қонунда, битирувчилар фақат бир маротаба имтиҳон топшириш билан ОТМга кириш имкониятини яратиш назарда тутилган.
Битирувчилар якуний имтиҳонлари Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади. Олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари қандай тартибда бўлса, якуний давлат имтиҳонлари ҳам шу тартибда ташкил этилади.
Бунда олдинги йилларда битирган абитуриентлар учун эса кириш тест синовлари алоҳида ўтказилади.
Ўзбекистонда келгусида ОТМларга кириш имтиҳонлари бекор қилиниши мумкин
Маълумот учун, Россия ана шунга ўхшаш тизим 2000 йиллар бошидан буён амал қилмоқда. Битирувчилар бир маротаба Ягона давлат имтиҳони (ЕГЭ) топширади ва ўз натижаларини киришни истаган бир неча ОТМга юборадилар. Олийгоҳлар аризаларни кўриб чиқиб ўз талабларига мос келувчи абитуриентларни танлаб олади.