ТОШКЕНТ, 5 июн — Sputnik. Бу йил кириш имтиҳонлари 5та фандан бўлади ва улар 3 соату 30 дақиқа давом этади. Расмий хабарлар телеграм канали маълумотига асосан.
Бу йил 5 та фандан тест синови белгиланди, лекин нега 3 соат 30 дақиқа берилди. Ўтган йили 2 та фандан 3 соат вақт берилган эди?
Бу вақтинчалик тартиб ўтган йили юртимизда пандемия шароитини ҳисобга олган ҳолда жорий этилган эди. Бу йил шароит ўтган йилга қараганда анча барқарор, шунинг учун Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги 261-сон қарори билан тасдиқланган низомда белгиланганидек, ҳар 30 та тест топшириғига 1 соат вақт ажратилади.
Онлайн рўйхатдан ўтаётганда таълим йўналишларини ҳам ўзбек, ҳам рус тилидагиларини танласа бўладими?
Йўқ, танлаб бўлмайди. Таълим йўналишларини танлашда таълим шакли ва таълим тили бир хил бўлиши талаб этилади.
Миллий тест тизими тўлиқ жорий этилдими? Ҳамма фанлардан сертификат бериш бошландими?
Бугунги кунга қадар она тили ва адабиёт, математика, кимё ва биология фанларидан жорий этиб бўлинди. Ушбу фанлардан тест синови ўтказилиб, керакли натижага эришган талабгорларга миллий сертификат топширилмоқда.
Булардан ташқари, гарчи физика фанидан 2022 йилда жорий этиш белгиланган бўлса-да, бу йил унинг устувор фанлар сирасига киритилганлиги боис, ушбу фандан сертификатлашни жорий йилдаёқ йўлга қўйиш режалаштирилган.
Бу йилдан таълим йўналишлари сонини чексиз танлаш мумкинлиги тўғрими?
ДТМ абитуриентларнинг таълим йўналишларини танлашда чекловларни олиб ташлашга оид таклифлар ишлаб чиқди ва керакли ташкилотларга юборди.
️Агар бу таклиф қабул қилиниб, норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида тасдиқланса амалга ошиши мумкин. Ҳозирча бу борада ўзгариш йўқ. Шунинг учун, 5 тагача танлов амалда.
Ўтган йилларда ўтказилган тест синовларида ёзувсиз харита, жадвал, расмли кўринишдаги янги тест топшириқлари қўлланилган эди. Бу йил ҳам қўлланиладими?
Ҳа, албатта. Абитуриентларнинг тест топшириқларини тез англай олишлари, фикрлашлари ва вақт тежашлари учун жорий йилда ҳам тарих, география, шунингдек, инглиз, немис, француз тиллари, биология ва кимё фанларидан ёзувсиз харита, жадвал, расмли кўринишдаги тест топшириқлари бўлади.
Тест синовларида ногирон абитуриентларга қандай хизматлар кўрсатилади?
Ўтган икки йилларда ўтказилган тест синовларида ногиронлиги бор абитуриентларни охирги кунларга қолдириш, яқин биноларга жойлаштириш, биноларга олиб бориш, олиб келиш учун транспорт ажратиш имкониятини яратиш, тест синови топшириш жараёнида тест топшириқларини ечиб бўлган, лекин масалан, қўли титраб, жавоблар варақасини бўяшга қийналган ногиронларга далолатнома тузиш ва қолган абитуриентларга эълон қилган ҳолда ёрдам кўрсатилган. Бу йил ҳам улар эътиборсиз қолдирилмайди.
Агар математика фанидан миллий сертификат олса, мажбурий ва ихтисослик фанидаги математикага ўтадими?
Йўқ, у фақат ихтисослик фанлари учун амал қилади. Мажбурий фанлардан тест синовини топшириш керак.
Электрон тўловни амалга оширишда фоиз ҳам олиб қолинади. Бошқа турда тўлов қилса бўладими?
Тўловни электрон шаклда эмас, энг яқин банкка бориб амалга оширса ҳам бўлади. Унда ортиқча тўлов олинмайди.
Миллий тест тизими доирасида математика фанидан тест топшириб, 70 фоизлик сертификат олдим. Лекин кўнглим тўлмаяпти, бошқатдан топширсам бўладими?
Талабгор навбатма-навбат ўзи танлаган таълим йўналишига мос умумтаълим фанларидан сертификатларга эга бўлиши ёки бирор фандан паст балл тўплаган тақдирда, юқори натижага эга бўлиш мақсадида, уни қайта топшириши ҳам мумкин.
Шунингдек, абитуриент сертификати бўлса ҳам, ўз ихтиёрига кўра шу фандан кириш тест синовини топшириши ҳам мумкин, монелик йўқ, бундай ҳолларда сертификатдаги эмас, кириш тест синови натижаси ҳисобга олинади.