ТОШКЕНТ, 4 июн - Sputnik. Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ислом динида йўл-ҳаракати қоидалари қандай аҳамиятга эга эканини ва нима сабабдан уларга амал қилиш муҳим эканини тушунтириб берди.
Ислом шариати йўл ҳаракати қоидаларига – ижтимоий қоидалар сифатида қарайди ва унга риоя қилишга буюради. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш шариатнинг қуйидаги учта мақсадларига етишга хизмат қилади:
1.
Ҳаётни сақлаш.2.
Авлодни сақлаш.3.
Мулкни сақлаш.Транспорт воситасини бошқаришда мусулмонлар риоя этишлари лозим бўлган кўплаб суннатлар ва одоблар мавжуд. Энг муҳим вазифа – инсон уловда юрганида ўзи ва ўзгаларни хатарга қўймаслиги, пиёдалар, йўловчилар ва бошқа ҳайдовчилар ҳаётига хавф солмаслиги керак.
Бунинг учун эса йўл ҳаракати иштирокчиларининг барчаси йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишлари лозим бўлади. Қоидани бузиш – бошқа бир йўл ҳаракати иштирокчиси ҳаққини поймол қилиш ва унга зулм қилиш ҳисобланади.
Исломда таъқиқланган амаллар йўл-ҳаракати қоидаларига ҳам таалуқли:
эҳтиётсизлик оқибатида бировнинг муликига зарар етказиш;
ЙТҲда қурбон бўлиш (ўз айби билан) - ўз жонига қасд қилишга тенг бўлади;
тезликни ошириш - исломда ҳаддан ошувчи доимо жавобгар бўлади;
маст ҳолда рулга ўтириш - исломда оғир гуноҳ;
йўл-ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик (билмаслик) - бировга қурол ўқталишга тенг;
заруратсиз сигнал чалиш, қоронғуда кўзни қамаштирадиган чироқларни ёқиб юриш - ўзгаларга озор бериш ҳисобланади;
техник носоз ва яроқсиз транспорт воситасидан фойдаланиш - шаръан жоиз эмас (яъни ҳаром);
ҳайдовчи ўзи бошқарган транспорт воситаси учун жавобгар (Ҳадис);
Ундан ташқари ислом динида белгиланган ушбу қоидалар пиёдалар учун ҳам амал қилади. Хусусан, улардан ўзлари учун белгиланган йўлаклардан юриш ва ҳаётини хатарга қўймаслик талаб этилади. Қоидаларни била туриб, ўз ҳаётини хатарга қўйиш - гуноҳ ҳисобланади.
Ҳар бир мусулмон ҳайдовчи ўзининг бепарволиги, маъсулиятсизлиги, автотранспортга хизмат кўрсатиш ва йўл ҳаракати тартиб-қоидаларига риоя этмаслик оқибатида бахтсиз ҳодиса рўй берса, амалдаги қонунлар асосида жавоб бериши, шариат нуқтаи-назаридан эса гуноҳкор бўлишини унутмаслиги лозим.