ТОШКЕНТ, 3 июн - Sputnik. Термизда зайтун плантациялари жорий этилади. Бу ҳақида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига амалга оширилган ташрифи доирасида маълум бўлди.
Термиз шаҳрида маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркор ва фермерлар, нуронийлар, ёшлар, жамоатчилик фаоллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда хабар қилинишига кўра, Сурхондарё вилоятида 2021-2022 йилларда жами 16 триллион 800 миллиард сўмлимк инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.
Инвестиция лойиҳаларининг 3 триллион 121 миллиард сўмлиги қишлоқ хўжалиги соҳасига йўналтирилади.
Хусусан, 1 минг гектар иссиқхоналар ташкил этишга 950 миллиард сўм йўналтирилади. Олтинсой, Узун, Бандихон, Денов, Жарқўрғон, Музработ, Термиз ва Сариосиё туманларида зайтун плантациялари, Шеробод, Музработ ва Қизириқда анорзорлар барпо этилади, - дейилган хабарда.
Ундан ташқари, президент Сурхондарёда қурилиш материаллари, енгил, чарм, озиқ-овқат, электротехника, маҳаллий саноат каби “драйвер” соҳаларни жадал ривожлантириш кераклиги таъкидлади.
Бойсун, Сариосиё, Шеробод туманларини қурилиш материаллари, Қизириқни енгил саноат, Олтинсойни озиқ-овқат, Ангорни чарм, Бандихон ва Музработ туманларини маҳаллий саноатга ихтисослаштириб, кластерлар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, Сариосиёда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш инновацион индустриал зонаси ташкил этилиши айтилди.
- Сизлар билан учрашиб, муаммоларни ҳал этиш учун келганмиз. Бу ташрифга анчадан бери тайёргарлик кўрдик. Тошкентга боғлиқ масала қолмади. Энди берилган маблағ ва тизимни ақл билан ишлатиб, жойларда манзилли бажариш керак. Мен куйиб-пишганим билан сизлар жон куйдирмасангиз, халқнинг бири икки бўлмайди. Сурхондарёнинг ички имкониятларидан фойдалансак, одамларнинг дардига дармон бўлиш учун ҳамма шароит бор. Бунинг учун сектор раҳбарлари фидойи бўлиб, жойига тушиб, “маҳаллабай” тизимда ишлаши керак, - деди Шавкат Мирзиёев.
Шу билан бирга жорий йилда жамоат ишлари, кооператив ва томорқа хўжалигида 50 минг нафар ишсизнинг бандлигини таъминлаш вазифаси қўйилди. Бунга Бандликка кўмаклашиш ва Жамоат ишлари жамғармаларидан 32 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.