ТОШКЕНТ, 2 июн — Sputnik. Тожикистон "Бахри Точик" сув омборидан Қозоғистонга 315 миллион куб метр сув йўналтиради, деб хабар бермоқда Sputnik Тожикистон.
Бундай қарорни Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума ва Қозоғистон экология вазири Магзум Мирзагалиев ҳамкорликдаги учрашув вақтида қабул қилганлар.
Маълум бўлишича, сувни ташлаш ишлари июнь-август ойлари оралиғида амалга оширилади.
Бундай чора Қозоғистоннинг Туркистон ва Қизилўрда вилоятларида ҳосил ўсадиган вақтда сув танқислигини тўлдиришга имкон беради, деб ёзади нашр.
Мирзагалиевнинг қайд этишича, Тожикистондан келадиган сувдан ташқари, Қирғизистон республикаси ҳам ресурслар билан ёрдам бериб келмоқда.
Қирғизистон Қозоғистонга Токтогул сув омборидан сувни йўналтирмоқда.
Қозоғистон экология вазири сўзларига кўра, Туркистон ва Қизилўрда вилоятларидаги сув ресурсларида тақчиллик Сирдарё дарёси бассейнидаги сув танқислиги туфайли юзага келган.
Ўз навбатида, Қозоғистон "Бахри Точик"да қўшимча фойдаланганлик туфайли оқибатлар юзага келадиган бўлса, Тожикистонга моддий-техник кўмак беради, деб қўшимча қилган Қозоғистон Экология вазирлиги матбуот-хизмати.
Эслатиб ўтамиз, май ойи бошларида Марказий Осиё давлатлари 2021 йил вегетация даври учун Норин-Сирдарё каскадидан сувдан фойдаланиш лимити ва ишлаш режимини тасдиқлаган эдилар.
1992 йилдан буён Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ўртасида "Давлатлараро манбаларнинг сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни биргаликда бошқариш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида" битим амал қилиб келади.