Тошкент аэропорти яқинидаги кўприк ўрнига айланма йўл ўтказгич қурилади

Тошкент халқаро аэропортидан шаҳар марказига ўтишдаги кўприкни кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 июн — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев туризм, шаҳар инфратузилмаси ва саноат соҳаларидаги лойиҳалар борасида амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишди.
Давлат раҳбари матбуот хизматининг маълум қилишича, тақдим этилган лойиҳалардан бири Тошкент халқаро аэропортидан шаҳар марказига ўтишдаги кўприкни кенгайтиришга қаратилган. Ҳозирги йўл ўтказгич 1967 йилда қурилган.
Таъкидланишича, пойтахт ривожланиши ва транспортлар сони ошиши билан уни реконструкция қилиш эҳтиёжи пайдо бўлган.
“Шу боис ушбу кўприкнинг Кичик ҳалқа йўли билан кесишган жойида айланма шаклидаги йўл ўтказгич қуриш режалаштирилган. Унинг узунлиги 650, эни 30 метр бўлиши мўлжалланган”, - дейилган хабарда.
Кўприк лойиҳаси
Бу муҳандислик ечими автотранспортларнинг кўприкка чиқиши ва тушишини осонлаштириши кутилмоқда. Бу ердаги қулайлик яқин атрофдаги кўчаларга ҳам таъсир қилиб, тирбандлик камайишига хизмат қилиши урғуланган.