ТОШКЕНТ, 31 май — Sputnik. Тошкентда машина уриб юборган эркак бир неча кун ўтиб касалхонада вафот этди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) хабар қилмоқда.
Йўл-транспорт ҳодисаси 21 май куни Янгиҳаёт тумани Бинокор кўчасида рўй берган. 54 ёшли “Lacetti” автомобили ҳайдовчиси С.С. тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтмоқчи бўлган пиёдани уриб юборган.
ЙТҲ натижасида 55 ёшли пиёда А.Б. тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. У 27 май куни тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамасдан вафот этган.
Жиноят кодексининг 266 моддаси 2 қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.