ТОШКЕНТ, 30 май — Sputnik. Олий Мажлис Сенати ўн бешинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунни маъқуллади. Бу ҳақда парламентнинг юқори палатаси матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Қонун билан 15 апрель Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни сифатида белгиланмоқда.
Хабарда айни пайтда дунёнинг кўплаб давлатларида ушбу сана Халқаро маданият куни сифатида нишонланиши қайд этилган.
Таъкидланишича, мамлакатда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, ўзбек миллий маданияти ва санъати нуфузини жаҳон миқёсида ошириш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида фидокорона меҳнат қилган ва юқори натижаларга эришган фуқароларни шу байрам кунида “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирлаш кўзда тутилган.