ТОШКЕНТ, 29 май — Sputnik. Қирғизистон ҳукумати туристик агентликлар ва авиакомпанияларга Тожикистон фуқароларига чипталар сотишни таъқиқлади, деб хабар қилмоқда қирғиз ОАВлари Фуқаролик авиацияси агентлигига таянган ҳолда.
Жумладан, аэропортлар сертификацияси ва ташувларни тартибга солиш бўлими бош инспектори Женишбек Эсенамановнинг сўзларига кўра, Тожикистон фуқароларига авиачипталарни сотишга таъқиқ Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 21 май куни қабул қилинган фармойиши асосида киритилган.
Ҳужжатга кўра, Тожикистон фуқароларига Қирғизистон Республикасига кириш, чиқиш ва транзит ўтишни амалга ошириш таъқиқланади.
Республика ҳукумати таъқиқ ҳақидаги хабарни барча авиакомпанияларга 2021 йилнинг 28 май санасида расман йўллаган.
Илгарироқ Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистон фуқаролари республикани тарк этиши мумкин бўлган назорат-ўтказиш пунктлари рўйхатини тақдим этган эди.
Тожикистон фуқаролари Қирғизистондан ўз ватанига "Кулунду", "Кайрагач" ва "Кызыл-Бель", "Бордобо" ва "Карамык" назорат-ўтказиш пунктлари орқали қайта оладилар.
Чекловлар фақатгина дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотларда фаолият юритадиган фуқароларга татбиқ этилмайди.
Тожикистон ва Қирғизистон чегарасидаги вазият 28 апрел санасида зиддийлашган ва икки давлат фуқаролари ўртасидаги можаро икки давлат ҳарбийлари ўртасидаги қуролли тўқнашувга айланганди.
Ўтказилган олий даражадаги шошилинч музокаралар натижасида 3 май куни тўқнашувлар тўхтади.
Отишма оқибатида Тожикистоннинг 19 нафар фуқароси ҳалок бўлди, яна 87 нафари турли даражадаги тан жароҳатларини олди.
Қирғиз томони 36 нафар қурбон ва 200 га яқин жароҳатланганлар ҳақида маълум қилган.