ТОШКЕНТ, 28 май – Sputnik. Россия Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко бошчилигидаги тиббиёт делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда ССВ.
Ташриф доирасида қатор юқори даражали учрашувлар, етакчи тиббий муассаларга ташрифлар ҳамда Тошкентда Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университети филиалининг очилишига тайёргарлик кўриш ишларини кўздан кечириш мақсадида Чилонзор тиббиёт коллежига ҳам ташриф буюриш режалаштирилган.
Ташриф якунлари бўйича Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университети билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида шартнома имзоланиши кўзда тутилмоқда.
Делегация таркибига Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари, шунингдек, академик В.И. Шумаков номидаги трансплантология ва сунъий органлар миллий тиббиёт илмий-тадқиқот маркази директори Сергей Готье ва Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университети ректори Сергей Лукьянов каби юқори даражадаги мутахассислар киради.
Ўзбекистон ва Россиянинг тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлиги кўплаб ҳукуматлараро, идоралараро ва корпоратив ҳужжатлар тўплами, минглаб алоқа ришталари билан белгиланади. Ана шундай келишувлардан энг сўнггиси – 2021 йилнинг март ойида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Aбдуҳаким Хаджибаевнинг Россияга ташрифи вақтида имзоланган Трансплантация соҳасидаги келишувдир.