ТОШКЕНТ, 27 май — Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун қабул қилинишини тезлаштиришмоқчи.
Маълумотларга кўра, бугун 1,7 млн ўзбекистонлик чет элда, асосан, Россия ва Қозоғистонда меҳнат қилмоқда. Мамлакат аҳолисининг 55 фоиздан ортиғи ёшлардан иборатлиги ҳамда йилига меҳнат бозорига 600 мингга яқин ишчи кучи кириб келаётгани мазкур муаммонинг нақадар муҳимлигидан далолат беради.
Таъкидланишича, ижобий ишлар билан бирга меҳнат мигрантларини ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ муаммолар ҳам кўп учрамоқда.
Хабарда иш берувчининг шартнома шартларини бажармаслик, иш ҳақини кечиктириш ёки тўламаслик, меҳнат ва миграция талабларига риоя қилмаслик, солиқдан қочиш учун мигрантларни норасмий ишлатиш ҳолатлари мисол тариқасида келтирилган.
Шунингдек, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий ҳолатига тегишли ва уларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ бўлган тиббий хизмат кўрсатиш, пенсия ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврларини белгилаш ва молиялаштириш, мигрантларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш, маъмурий ва жиноий тартибда таъқиб қилиш билан боғлиқ муаммоларнинг ҳуқуқий асоси белгиланмаган.
Ўзбекистоннинг меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича бир қатор халқаро шартномаларга қўшилиш таклифи илгари сурилди.
“Бундан ташқари меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги Қонунни қабул қилишни тезлаштириш масаласи айтиб ўтилди. Якунда қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди”, - дейилган хабарда.