ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. Қирғизистон Тожикистон билан чегарада вақтинчалик чеклов жорий этди. Бу ҳақда Sputnik Қирғизистон мамлакат чегара хизмати матбуот хизматига таянган ҳолда хабар қилмоқда.
Қарор 21 май куни Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси томонидан қабул қилинган. Тожикистон фуқароларига кириш, республика ҳудудида бўлиш ва ҳаракат қилиш, жумладан, транзит орқали келиш тақиқланади.
“Бордобо — автойўли”, “Қайрағоч — автойўли”, “Карамик — автойўли”, "Кулунду — автойўли” ва “Қизилбел — автойўли” назорат ўтказиш пунктлари орқали товар ва транспорт воситалари ўтиши чекланган.
Қирғизистон ҳукумати Тожикистондан мамлакатга дипломатик ваколатхона ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига ҳамда Қирғизистон ва Тожикистон расмийларига олдинроқ хабар қилган тақдирда рухсат берган. Бундан ташқари, ҳозирда Қирғизистонда бўлиб турган Тожикистон фуқаролари уйларига қайтиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, апрель охирида Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ўртасида чегара яқинида можаро рўй берган эди. Унда ҳар икки томондан ҳарбийлар ҳам иштирок этган. Тўқнашувлар оқибатида ўнлаб кишилар ҳалок бўлди, юзлаб кишилар жароҳатланди, яна минглаб кишилар эвакуация қилинди.