Олис ҳудудларда 2 мингга яқин оилавий боғчалар ташкил қилинади – президент

Шавкат Мирзиёев оилавий ва давлат-хусусий шериклик асосида қурилаётган боғчаларга ёрдам ҳажмини оширишни топширди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 май - Sputnik. Олис вилоятларида 2 мингга яқин оилавий боғчалар ташкил қилинади. Бу ҳақида президент ҳузурида бўлиб ўтган мажлисда таъкидланди.
“53 та туманда 34 минг ўринли 2 мингта оилавий боғча ташкил этиш чоралари белгиланди. Бундай боғчаларга қўшимча ишчи ёллашга рухсат бериб, қабул қилинадиган болалар сонини икки баробар ошириш таклифи маъқулланди”, - дейилган хабарда.
Шунингдек, оилавий боғчаларга ўқув қўлланма ва методик материалларни бепул етказиб бериш вазифасини қўйилди. Бунинг учун давлат томонидан жами 30 миллиард сўм ажратилади.
Ундан ташқари, бундай муассасаларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш учун 5 фоиз ставкада 30 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар берилади.
Шу билан бирга Шавкат Мирзиёев олис вилоятларда мактабгача таълим ыамровини кенгайтириш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида боғчалар қуриш вазифасини қўйди. Бундай боғчаларда ҳар бир тарбияланувчи учун қилинган харажатларнинг 50% давлат томонидан субсидия қилинади.
Йиғилишда ушбу субсидия миқдорини 75 фоизга етказиш, хусусий боғчаларнинг электр энергияси ва табиий газ тўловининг 50 фоизини давлат бюджетидан қоплаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, пандемия сабабли тўлиқ қувватда ишламаган давлат-хусусий шериклик боғчаларнинг кредитлари бўйича асосий қарз тўлови муддати ҳам йил якунига қадар узайтирилди.
Давлат томонидан янги боғчалар қуриш ишлари ҳам давом эттирилмоқда. 2021-2022 йилларда 23 та туманнинг олис ва чекка ҳудудларида 50 та мактабгача таълим муассасаси барпо этиш режалаштирилган. Бунинг учун қамров даражаси энг паст ва болалар сони 250 тадан ошган 50 та маҳалла танлаб олинган.