ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. Андижон прокуратураси интернет ижтимоий тармоқларда Андижонда 5 ойлик келиннинг зўрланиши билан боғлиқ эълон қилинаётган хабарлар юзасидан баёнот берди.
Унда айтилишича, 13 май куни фуқаро О.О.ни зўрланиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан Андижон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми (номусга тегиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларини ҳар томонлама тўла ва холисона ўтказилишини таъминлаш мақсадида, Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасининг малакали терговчиси иш юритувига ўтказилган ва тергов гуруҳи тузилган.
Ҳолат юзасидан ҳодиса жойига тергов-тезкор гуруҳи чиқиб, видеотасвирга олган ҳолда кўздан кечирилган ва терговга қадар текширув давомида ишга алоқадор бўлган барча ашёлар олинган.
Тергов ҳаракатлари давомида жабрланувчи ҳамда гумон қилинган шахсларнинг барчаси суд-тиббий экспертизасидан ўтказилиб, олинган ашёлар бўйича судга оид биология, судга оид криминалистика ва судга оид микротола экспертизалари тайинланган.
Шунингдек, ишга алоқадор бўлган барча шахслар гувоҳ тариқасида батафсил сўроқ қилиниб, гумонланувчиларнинг шахслари тезкор йўллар билан ўрганилган.
Жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлаш ва зудлик билан ўтказилиши лозим бўлган тергов ҳаракатлари бўйича Андижон вилояти прокуратураси томонидан ёзма кўрсатма берилиб, тергов ҳаракатлари устидан қатъий назорат ўрнатилган.
"Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси талаблари асосида олиб борилиши, айбдор шахслар доираси тўлиқ аниқланиб, уларга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланади.
Прокуратура органлари ҳар бир хабар юзасидан қонуний қарор қабул қилинишини таъминлайди ва фуқароларимиздан ваколатли идоралар томонидан тасдиқланмаган турли асоссиз хабарларга таянмасликни сўраб қолади.
Вилоят прокуратураси аҳоли орасида ёлғон, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ҳамда ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш учун жиноий жавобгарлик мавжудлигини яна бир бор эслатади!”, - дейилган баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолат Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинган.