ТОШКЕНТ, 24 май — Sputnik. Тергов департаменти Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида саккизта машина иштирокида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси тафсилотларини очиқлади.
Маълум бўлишича, "MAN" русумли юк машинаси ҳайдовчиси А-373-М-39 "Тошкент-Ўш" автомобиль йўлининг 183-километрида бошқарувни йўқотиш натижасида учта "Lacetti", “Nexia-2”, “Cobalt”, ” “Nexia-3” ва “Matiz” билан тўқнашиб кетган.
Аниқлик киритилишича, ЙТҲ оқибатида жами 7 киши ҳодиса жойида вафот этган ва 14 киши олган тан жароҳатлари билан шифохонага мурожаат қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми "а" банди (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одамлар ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ ФВВ ушбу ҳодиса юзасидан бирламчи маълумотларни тақдим этган эди. Унда ЙТҲ оқибатида 5 киши воқеа жойида вафот этгани ва 4 киши турли даражадаги тан жароҳати олгани маълум қилинган эди.