Ўзбекистонлик таэквондочилар илк бор тўлиқ таркибда Олимпиадада қатнашади

Токио-2020 Олимпия ўйинларига ўзбекистонлик таэквондочилар мамлакат тарихида илк бор тўлиқ таркибда йўл олади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 май — Sputnik. Иордания пойтахти Амман шаҳрида Осиё қитъаси таэквондочилари учун Токио-2020 учун лицензион турнир ўтказилди.
Миллий олимпия қўмитаси хабарига кўра, 21 май кунги баҳсларда Нигора Турсунқулова ва Улуғбек Рашитов Токио-2020 лицензиясига эга чиққан, 22 май куни ўтказилган юқори вазнли таэквондочилар баҳсларида Светлана Осипова олимпиада лицензиясини қўлга киритган.
Шу тариқа таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Токио-2020 Олимпия ўйинларига 4 та йўлланмани қўлга киритди, натижада ўз тарихида илк бор тўлиқ таркиб билан Олимпиадада қатнашадиган бўлди.
Яна бир иштирокчи Никита Рафалович эса Халқаро таэквондо федерацияси (WT)нинг 2020 йил 1 январда эълон қилган рейтингига кўра олимпиада лицензиясига эга бўлганди.
Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўл олган ўзбекистонлик таэквондочиларнинг тўлиқ таркиби:
-68 кг: Улуғбек Рашидов
-80 кг: Никита Рафалович
-67 кг: Нигора Турсунқулова
+67 кг: Светлана Осипова
Қайд этиш жоизки, Нигора Турсунқулова учун бу фаолиятидаги иккинчи Олимпия ўйинлари бўлади. У 17 ёшида Рио—2016 Олимпиадасида ҳам иштирок этган.
Токио Олимпиадаси бошланишига 100 кун қолди