Боғчага қабул қилиш учун имтиёзли рўйхат янгиланди

“Аёллар дафтари”га киритилган ёлғиз аёлларнинг фарзандлари боғчага имтиёзли рўйхат асосида қабул қилинади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 май — Sputnik. Ҳукумат қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига ўзгартиришлар киритилди.
Ўзгартиришларга кўра, мактабгача ташкилотларга устунлик билан қабул қилиниш ҳуқуқига эга болалар рўйхати (имтиёзли рўйхат) янгиланди.
Биринчи майдан боғча тўловлари ўртача 15%га ошди
Эндиликда болаларнинг қуйидаги контингенти боғчага устунлик билан қабул қилиниш ҳуқуқига эга бўлади:
● I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг болалари (илгари – ногирон бўлган шахсларнинг болалари);
● кўп болали оилаларнинг болалари;
● етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар;
● “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг болалари;
● контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг ва ички ишлар органлари ходимларининг болалари (илгари – ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг болалари);
● талабалар ва педагогларнинг болалари;
● акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари жумласидан бўлган болалар;
● кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлардан умумий турдаги мактабгача ташкилотларга ўтказилаётган соғайган болалар (илгари – бошқа муассасалардан ўтказилган болалар).
“Ўлик жонлар” ортидан 983,5 млн сўмни ўмарган боғча мудирасининг кирдикорлари фош бўлди
Илгари боғчага қабул қилиш учун имтиёзли рўйхатга киритилган болаларнинг имтиёзлари уларга йўлланма берилгунга қадар сақланиб қолади.
Болаларни имтиёзли рўйхат бўйича қабул қилиш давлат-хусусий шерикликка асосланган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига татбиқ этилмайди.
Жорий ўқув йилининг 31 май кунига қадар 7 ёшга тўладиган болаларнинг сўровномалари ушбу санада бекор қилинади ҳамда автоматик равишда навбатдан чиқарилади.