Резолюция қабул қилиниши Оролбўйи минтақаси тарихида янги саҳифа очади – Сафоев

18 май куни БМТ Бош Ассамблеяси Шавкат Мирзиёев таклифига биноан “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуд” деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияни бир овоздан қабул қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 май — Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Оролбўйи минтақасига оид резолюциясининг аҳамияти ҳақида гапирди.
БМТ Бош Ассамблеяси "Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди" деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияни бир овоздан қабул қилди. Бу таклиф президент Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган эди.
Сафоевнинг сўзларига кўра, Орол фожиаси замонамизнинг энг йирик экологик муаммоларидан бирига айланиб улгурди. Бугунги кунда экологик инқироз оқибатларини бартараф этишга қаратилган ҳаракатларни бирлаштириш Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларидан биридир.
У ушбу ҳужжат Ўзбекистон ва халқаро ҳамжамият билан минтақада экологик инқироз оқибатларига барҳам бериш ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, аҳоли турмуш шароитини ошириш йўлидаги ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлганини қайд этди.
“Резолюция қабул қилиниши Оролбўйи минтақаси тарихида янги саҳифа очади ва Орол денгизи инқирози оқибатлари юмшатилиши, Оролбўйи ҳудудини ривожлантиришга қаратилган ҳаракатларни бирлаштирга хизмат қилади”, - деди Сенат раисининг биринчи ўринбосари.
Оролбўйи минтақаси - Бош Ассамблея томонидан Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди сингари юқори мақом тақдим этилган илк минтақа бўлди.
Дунё қандай қилиб Оролни қутқаради - видео