Паралимпия: мураббийларнинг маоши оширилади

Туризм ва спорт вазирлигида 2та штатдан кам бўлмаган тарзда алоҳида Паралимпия бўлими ташкил этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 май — Sputnik. Бугун Тошкентда “Ўзбекистонда Паралимпия спорти истиқболлари” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди, унда Туризм ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Ж.Ҳасанов ҳамда Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси ўринбосари Ш.Мўминжонов иштирок этди.
Туризм ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Ҳасановнинг сўзларига кўра, Туризм ва спорт вазирлигида 2та штатдан кам бўлмаган тарзда алоҳида Паралимпия бўлими ташкил этилади.
Қарорга мувофиқ республикадаги 300дан ортиқ спорт таълим муассасаларида фаолият юритаётган паралимпия спорт турлари бўйича тренерларнинг маоши 1,5 баробарга оширилади.
Ўзбекистонда паралимпия ҳаракати ривожлантирилади
Бундан ташқари, барча Олимпия захиралари спорт коллежларига бериладиган умумий квотанинг 5 фоизи айнан паралимпия спортчилари учун ажратилади.
Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларига тайёргарлик жараёни ҳақидаги саволга Ш.Мўминжонов қуйидагича жавоб берди.
“Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчиларнинг иштироки йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Жумладан, 2008 йил Пекинда ўтказилган ёзги Паралимпия ўйинлари юртимиз спортчилари учун дастлабкиси бўлган ва унда 2 нафар пара спортчимиз 2та спорт туридан иштирок этган. 2012 йил Лондонда бўлиб ўтган Паралимпия ўйинларида 4та спорт туридан 10 нафар паралимпиячимиз қатнашган ҳамда юртимизга битта медаль билан қайтган. 2016 йил Рио де-Жанейро шаҳрида ўтказилган сўнгги Паралимпия ўйинларида эса 5та спорт тури, яъни Пара енгил атлетика, Пара сузиш, Пара дзюдо, Пара пауэрлифтинг ва Пара ўқ отишдан жами 32 нафар спортчи баҳсларда кураш олиб бориб, якунда вакилларимиз 31та медалга сазовор бўлишган. Бу натижалар тарихда қолди, албатта. Олдинда бизни Токио-2020 паралдимпия ўйинлари кутиб турибди ва ушбу ўйинларда бунданда кўпроқ спортчи билан, бунданда кўпроқ медаллар қўлга киритишни мақсад қилганмиз. Ишонамизки, Президентимиз томонидан Паралимпия ҳаракатига қаратилаётган бундай эътибор ўз самарасини беради ва биз Японияда юқори марраларни забт этамиз”.