ТОШКЕНТ, 20 май — Sputnik. Ўзбекистонда АҚШ биологик лабораториялари бўлмаган, мавжуд эмас ва бўлмайди, деди Ўзбекистон ССВ ҳузуридаги Республика ўлат, карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар муҳофазаси маркази вабо лабораторияси мудири, ҳарбий эпидемиолог Маъруфжон Мадаминов.
Аввалроқ, ОАВлар АҚШ дунё бўйлаб, шу жумладан МДҲ давлатларида бир неча юзлаб биологик ҳарбий лабораториялар ташкил қилгани ҳақида бир неча бор хабар берилганди.
"Биз расман эълон қиламизки, Ўзбекистонда Америка биологик лабораторияси бўлмаган, мавжуд эмас ва бўлмайди", - деди Мадаминов.
Суверен Ўзбекистон турли давлатлар билан ўзаро алоқаларни ўрнатиш ҳуқуқига эга, аммо бошқа давлатларнинг биологик хавфсизлигига таҳдид солишига йўл қўймайди, деб таъкидлади ҳарбий эпидемиолог.
Мадаминовнинг сўзларига кўра, республикада АҚШ билан ҳамкорлик доирасида реконструксия қилинган ёки қурилган ва замонавий ускуналар билан жиҳозланган лабораториялар мавжуд, аммо булар 2-даражали хавфсизлик лабораториялари - яъни биологик/бактериологик қуролларнинг потенциални таркибий қисмларини яратиш учун яроқсиз.
"Улар Роспотребнадзор муассасаларининг лабораториялари сингари санитария-эпидемиология хизматининг миллий лабораториялари. Уларда ҳарбий тадқиқотлар олиб борилмаган ва ҳозир олиб борилмаяпти <...>", - деди Мадаминов.
Унинг сўзларига кўра, лабораторияларда биологик қурол компонентларини яратиш, намуналардан ажратилган микроорганизмларни ўзгартириш, бактериялар ва вируслар захираларини кўпайтириш ва тўплаш учун зарур бўлган лаборатория ускуналари (секвентатор, биогенераторлар ва бошқалар) мавжуд эмас.
Ҳарбий эпидемиолог америкалик микробиологлар ҳеч қачон Ўзбекистондаги лабораторияларда ишламаганлигини айтди.
"Республика санитария-эпидемиология хизматининг лабораториялари фақат миллий кадрлар билан тўлдирилган", - дейди Мадаминов.
Ўзбекистон биологик қуролни тақиқлаш ва тарқатмаслик соҳасидаги қатор халқаро ҳужжатларга қўшилган ва ўз зиммасига олган мажбуриятларни қатъий бажармоқда, дея хулоса қилди ҳарбий эпидемиолог.
Россия АҚШнинг ҳарбий ва биологик фаолияти юзасидан бир неча бор хавотир билдирганди.
Апрел ойида РФ Хавфсизлик Кенгаши котиби Николай Патрушев "Коммерсант" газетасига берган интервюсида "АҚШ назорати остидаги тобора кўпайиб бораётган биологик лабораторияларга эътибор бериш таклиф қиламан. Улар ғалати тасодиф билан асосан Россия ва Хитой чегаралари яқинида пайдо бўлмоқда", - деган эди.
Бир неча кун олдин Роспотребнадзор собиқ раҳбари, Давлат Думаси депутати, эпидемиолог-шифокор Геннадий Онишенко бу масалада ўз фикрларини айтганди. “Замонавий ҳаётда биологик қуроллар "гибрид" урушнинг асосий воситаларидан бирига айланмоқда", - деб айтганди эксперт Sputnik билан суҳбатда.