ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. Россиялик сайёҳларнинг жорий йил ёз мавсумида Ўзбекистонга саёҳат қилишларига рейслар сони ва чипталар нархи халал бермоқда. Бу ҳақда Россия туроператорлари бирлашмаси (АТОР) ижро этувчи директори Майя Ломидзе “Россия сегодня” матбуот марказидаги онлайн конференцияда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, россиялик сайёҳлар Ўзбекистонга саёҳат қилишни режалаштиришмоқда, аммо яқин вақт ичида эмас. Республикада дам олишга бўлган талабни иккита омил камайтирмоқда.
“Бу мамлакатга бўлган қизиқиш катта. Ҳамма ҳам хавфсиз экзотикани хоҳлайди, лекин ҳозирги Ўзбекистонга бўлган рейслар сони ва чипталар нархи бу йўналишдаги истиқболни тўхтатиб қўймоқда”, - дея тушунтирди Ломидзе.
Россиялик экспертнинг таъкидлашича, чипталар нархи арзонроқ бўлганда, Ўзбекистон 2021 йил ёз мавсумида туризм соҳасида муваффақиятга эришган бўларди.