ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. 18 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилди. Бу ҳақда парламентнинг қуйи палатаси матбуот хизмати хабар қилди.
Қонун лойиҳаси билан электр двигатели орқали ҳаракатланадиган автомототранспорт воситаларини сотиб олиш ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кириш учун йиғим тўлашдан озод этилиши назарда тутиляпти.
Аввалроқ Ўзбекистон МДҲда ҳамкорлар билан электромобиль ишлаб чиқариш ҳамкорлигини ривожлантиришга тайёр эканлигини билдиргани хабар қилинган эди.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистонга хориждан 91 та электромобиль импорт қилинган. Улар учун 1,8 миллион доллар сарфланган.