ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати ва Жаҳон банки “Ўзбекистонда сув таъминоти хизматлари секторини ривожлантириш ва уни институционал қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси бўйича молиявий ва грант битимлари имзолади. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Имзолаш маросими 14—18 май кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлган ЖБнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Анна Бёрде билан учрашувда бўлиб ўтган.
Лойиҳани амалга ошириш учун ЖБ томонидан 239 миллион доллар имтиёзли кредит, шунингдек, Швейцария давлат котибиятининг иқтисодий масалалар бўйича 7,8 миллион доллар гранти ажратилади.
Лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг учта ҳудудида 500 мингдан ортиқ киши сув таъминоти ва канализация хизматларидан янада сифатли фойдалана олади. Қорақалпоғистонда Нукус, Тахиатош ва Хўжайли шаҳарларида канализация-тозалаш иншоотларини модернизация қилиш режалаштирилган. Шунингдек, Сирдарё вилояти ва Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида сув таъминоти ва канализация тармоқлари кенгайтирилиб, реконструкция қилинади.
Шунингдек, "Ўзбекистонда миллий инновацион тизимни модернизация қилиш" лойиҳаси бўйича молиявий битимлар имзоланди. Лойиҳани амалга ошириш учун ЖБ томонидан 50 миллион доллар имтиёзли кредит ажратилади.
Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланган янги лойиҳа ҳукуматга бозор иқтисодиёти шароитида ишлашга қодир бўлган миллий инновацион тизимни ривожлантиришга ёрдам беради. Бу илмий ва инновацион маҳсулотлар ва хизматларни илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ишланмалари ва тижоратлаштириш соҳасида давлат, илмий-тадқиқот ташкилотлари ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди.