ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.
“Давлатимиз раҳбари Президент Қасим-Жомарт Тоқаевни таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва муваффақият тилади”, - дейилган хабарда.
Мунтазамлик касб этган ва ишончга асосланган олий даражадаги мулоқотлар кўп қиррали Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларининг жадал суръат билан ривожланишига хизмат қилаётгани таъкидланди.
Суҳбатда икки томонлама ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди. Аввал эришилган келишувларнинг амалга оширилиши ҳамкорликнинг барча устувор йўналишларда янада кенгайишига хизмат қилишига ишонч билдирилди.