ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Италия А Серияси 37-туридан ўрин олган "Женоа"-"Аталанта" учрашувида ўзбекистонлик футболчи Элдор Шомуродов илк бор иккита гол уришга муваффақ бўлди.
Элдор Шомуродов иккинчи бўлим аввалида захирадан майдонга туширилди. Ҳужумчи 48-дақиқада рақиб жамоа ҳимоячиларидан тўпни олиб, ўйиндаги биринчи голини урди. Ўйин якунига 5 дақиқа қолганда Элдор Шомуродов яна битта голга муаллифлик қилди ва А Сериядаги дастлабки дублини расмийлаштирди.
Бироқ 7 та гол урилган ўйинда Элдор Шомуродовнинг дубли унинг жамоаси “Женоа”ни мағлубиятдан қутқариб қололмади. Баҳс 3-4 ҳисобида “Аталанта” фойдасига ҳал бўлди.
Чемпионат турнирида “Женоа” 39 очко билан 14-поғонада бормоқда.