ТОШКЕНТ, 13 май — Sputnik. Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида икки нафар ЙҲХБ ходимларига туҳмат қилган фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди.
Вилоят ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, 12 апрель куни фуқаро К.Д. Сайхунобод тумани ҳудудида “Н” ва “С” исмли ЙҲХБ ходимлари урганлиги ҳолати юзасидан Тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ масъуллари хизмат текшируви ўтказган.
Аниқланишича, вилоят ИИБ ЙҲХБ катта инспектори катта сержант Б.Н. ҳамда ИИБ ППХ ва ЖТСБ инспектори сафдор Х.Й. 11 апрель кунидан 12 апрель кунига қадар "Сайхун" блок постига суткалик хизматга жалб этилган. Улар хизмат давомида "ВАЗ-2106" ҳайдовчиси К.Д.ни тўхтатиб, унинг ҳужжатларини кўздан кечиришган. Ҳайдовчидан спиртли ичимлик ҳиди анқиб турганлиги сабабли у тиббий кўрикдан ўтказилган.
Сирдарё вилояти наркология диспансерининг маълумотномасига кўра, ҳайдовчи К.Д. “алкоголь мастлик ҳолати”да эканлиги кўрсатилган.
Шундан сўнг ҳайдовчи К.Д.га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, унинг "ВАЗ-2106" автомобили жарима майдончасига жойлаштирилган.
Тасдиқланган хизмат текшируви хулосаси якунига кўра, тўпланган ҳужжатларда фуқаро К.Д.нинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасида (Туҳмат) кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломати мавжуд бўлган. Шу сабаб иш судга оширилган.
Жиноят ишлар бўйича Сайхунобод туман суди ҳуқуқбузар К.Д.ни ЙҲХБ ходимларига туҳмат қилишда айбдор деб топган. Унга БҲМнинг 3 (уч) баробари миқдорида, яъни 735 000 сўм жарима жазоси тайинлаган.