“Хитой – Марказий Осиё”: ТИВ раҳбарлари долзарб масалаларни муҳокама қилди

Сиан шаҳрида “Хитой – Марказий Осиё” шаклидаги иккинчи вазирлар учрашуви бўлиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 май — Sputnik. Бугун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Сиан шаҳрида “Хитой – Марказий Осиё” шаклидаги иккинчи вазирлар учрашувида иштирок этди.
Тадбирда Хитой Халқ Республикаси, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Туркманистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари қатнашди.
“Хитой-Марказий Осиё” ТИВ учрашуви: муҳокама қилинадиган масалалар
Учрашувда ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, томонлар учун манфаатли ҳамкорликни янада илгари суриш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт йўлаклари боғлиқлигига кўмаклашиш ва узлуксиз савдога кенг йўл очиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ҳамда замонавий чақириқ ва таҳдидларга қарши курашиш борасидаги муносабатларни чуқурлаштиришга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги фаол мулоқот ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада илгари суриш, барқарор ижтимоий-сиёсий тараққиётни таъминлашга хизмат қилади, замонавий чақириқ ва таҳдидларга қарши курашиш, коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича чоралар ишлаб чиқишга имкон яратади.
Транспорт ва коммуникация, савдо, инвестиция, энергетика, божхона, туризм ва таълим соҳаларига ахборот технологияларини кенг жорий қилишнинг зарурлиги таъкидланди.
Инфратузилма ва мултимодал юк ташиш шароитларини яхшилаш, Марказий Осиёнинг глобал транспорт коридорлари тизимига интеграциялашуви учун янада қулай имкониятлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Хитой товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказмоқчи
Шу нуқтайи назардан Ўзбекистон ТИВ раҳбари мазкур мулоқот шакли доирасидаги шерикларни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди.
Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ҳудудлари, ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни янада илгари суриш ўзаро манфаатли шерикликнинг мавжуд салоҳиятини амалга оширишнинг муҳим факторларидан бири сифатида эътироф этилди.
Вазирлар афғон муаммосини ҳал қилишга қаратилган тинчлик музокаралари жараёнини илгари суриш масалалари бўйича фикр алмашди, Афғонистондаги вазиятнинг тез муддатларда барқарорлашуви ва ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашишга умумий қизиқиш билдирди.
Тадбир якунида “Хитой – Марказий Осиё” ташқи ишлар вазирлари учрашуви шаклини ташкил этиш тўғрисидаги Меморандум, Афғонистон бўйича, COVID-19 билан курашишда ҳамкорлик қилиш тўғрисида, Ҳудудлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёнотлар қабул қилинди.