ТОШКЕНТ, 12 май — Sputnik. Ўзбекистондан ўрта бўғин тиббиёт мутахассислари Германия ва Европанинг бошқа давлатларига ишга жалб қилинади. Тегишли шартнома Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Швейцариянинг “Globogate Recruiting GmbH” ташкилоти ўртасида имзоланди.
Бош вазир маслаҳатчиси Меҳриддин Хайриддинов “Globogate Recruiting GmbH” раҳбарияти билан учрашувда Германия ва Европанинг бошқа давлатларига Ўзбекистон фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилиш, ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилган.
Шунингдек, Ўзбекистонда ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси улуши ва географиясини кенгайтириш, ташқи меҳнат бозори истиқболларини ўрганиш орқали фуқароларни касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш тизимини йўлга қўйиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Маълумот ўрнида, “GLOBОGATE Recruiting GmbH” компанияси 2016 йилда Германиянинг соғлиқни сақлаш муассасаларига учинчи давлатлардан тиббий ходимларни жалб қилиш жараёнини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида Швейцариянинг Цуг шаҳрида ташкил этилган.
Компания ўз мутахассисларини GGR тармоғи (маҳаллий агентликлар, тил мактаблари) орқали ҳамшираларни доимий жалб қилиш учун барқарор ва инновацион манбаларни ишлаб чиқади ва тақдим этади. Айни пайтда компания 300 дан ортиқ немис шифохоналарига хизмат кўрсатмоқда.