ТОШКЕНТ, 12 май — Sputnik. Ўзбекистон Шарқий Қуддусдаги вазиятнинг кескин тус олиши сабабли чуқур хавотирда. Бу ҳақда мамлакат ТИВ баёнот билан чиқди.
“Томонларни зўравонликка чек қўйиш, вазиятни беқарорлаштиришдан сақланиш ва бундан буён қон тўкилишига йўл қўймаслик ҳамда мусулмон олами учун муқаддас ҳисобланган Ийд ал-Фитр арафасида можарони ҳал этиш бўйича барча имкониятларни сафарбар этишга чақирамиз”, - дейилган хабарда.
Ўзбекистон Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлигини — статус-квога риоя этилишини таъминлаш зарур деб ҳисоблайди.
Баёнотда ёзилишича, Фаластин-Исроил муаммоси халқаро ҳуқуқ меъёрлари, БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан аввал қабул қилинган резолюциялар ҳамда “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида ҳал этилиши лозим.
Исроил ва Фаластиннинг Ғазо сектори чегарасидаги вазият 10 май, душанба куни кескин кескинлашди. 12 май тонгида Хамас ҳаракати Исроил ҳудудига мингдан ортиқ ракета учирди. Тел-Авив Ғазо секторига зарба беришда давом этмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, икки кун ичида 48 киши вафот этди, шулардан 14 нафари болалар ва уч нафари аёллар, 300 нафардан ортик киши яраланган. Исроил ҳудудида етти киши қурбон бўлган, 200 дан ортиқ одам жароҳат олган.