Жиззах шаҳар ҳокими ўринбосари 2 минг доллар пора билан қўлга тушди

У тадбиркорга қурилиш-таъмирлаш бўйича ўтказиладиган тердер савдоларини олиб беришни ваъда қилган. Эвазига эса 2 минг доллар талаб қилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 май — Sputnik. Жиззах шаҳар ҳокимининг молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосари – шаҳар иқтисодий тараққиёт в камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчиси пора билан қўлга олинди. Бу ҳақда “Янги давр” кўрсатувида маълум қилинди.
У тадбиркорга шаҳардаги ижтимоий соҳа объектларида амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш бўйича ўтказиладиган тендер савдоларини олиб беришни ваъда қилган. Эвазига эса 2 минг доллар талаб қилган.
Ҳоким биринчи ўринбосари кечки пайт Жиззах шаҳри Жиззахлик маҳалласи ҳудудида порани ўзи бошқарувидаги “Gentra” машинасининг орқа юк хонасига қўйган вақтида ушланган.
Ҳолат юзасидан ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми "в" банди (Пора олиш) билан жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гулистон ҳокими ўринбосари пора олаётган пайтда ушлангани хабар қилинганди.