ТОШКЕНТ, 11 май — Sputnik. Ўзбекистондаги мактабларда таълим тили ўзга тилда бўлган синфларда давлат тили — ўзбек тили чет тили каби ўргатилади.
Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази матбуот хизмати хабарига кўра, миллий ўқув дастури асосида ўзга миллат вакиллари учун 2-синф ўзбек тили дарслиги яратилди. Ушбу дарслик 2021/2022-ўқув йилида амалиётга жорий этилади.
Ўзбек тилини чет тили сифатида ўқитиш кўзда тутилган янги дарсликлар тил ўргатишнинг халқаро стандартлари асосида яратилмоқда.
Бунда:
Нутқий компетенциялар:
актив — гапириш, ёзиш;
пассив — ўқиб тушуниш, тинглаб тушуниш.
Лексик компетенциялар:
грамматика;
лексика — А1, А2, B1, B2 кўринишида синфлар кесимида тақсимланган.
Қайд этилишича, айни пайтда яратилган дарсликда ўз даври учун муҳим бўлган яна бир қанча қулайликлар мавжуд. Хусусан, ўқув дарслиги асосида ўқитувчи китоби ва ўқувчи машқ дафтари жорий этилди. Илгари иккинчи тил китобларидаги луғат-таржималар, одатда, икки тилда ҳавола қилинган бўлса, эндиликда улар кенг аудиторияни ҳисобга олиб қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, туркман, тожик, рус ва инглиз тилларига ҳам таржима қилинган.
Ўқувчининг психологик, ёш хусусиятлари ҳам ҳисобга олиниб, расмлар 70 фоиз, матнлар 30 фоиз ўрин эгаллаган. Фанлараро интеграция (STEAM) тўла таъминланган. Улар ҳам ўқувчида тил ўрганиш кўникмасини фаоллаштиради.