ТОШКЕНТ, 11 май — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлигига оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.
Таъкидланишича, аҳолига кунига ўртача 57 мингтадан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилмоқда.Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобил иловаси орқали 30 турдаги хизмат кўрсатиш мумкин, холос. Ундан атиги 11 таси интерактив хизматлар.
Президент шу йил якунигача давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар сонини 200 тага етказиш вазифасини қўйди. Барча 716 та давлат хизматини инвентаризация қилиб, уларнинг муддатлари, тўлов миқдорлари, шартлари ва бошқа талабларини соддалаштириш бўйича кўрсатма берилди.
“Қайси қишлоқда, маҳаллада қайси хизматга эҳтиёж борлигига қараб, шунга шароит яратиш керак. Қайси хизматларни арзонлаштириш, қайсиларини бепул қилиш масаласини таҳлил этиб, аҳолига енгиллик ва қулайлик яратиш зарур”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Идоралараро интеграция даражасини ошириш, бунинг учун давлат хизматлари учун тўловларнинг 20 фоизини ташкилотларнинг ахборот технологиялари тизимини ривожлантиришга йўналтириш, қоғоз шаклидаги архив ҳужжатларини рақамлаштириш зарурлиги таъкидланди.