ТОШКЕНТ, 10 май — Sputnik. 11-12-май Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Сиан шаҳрида бўлиб ўтадиган “Хитой – Марказий Осиё” иккинчи вазирлар учрашувида иштирок этиш учун Хитой Халқ Республикасига ташриф билан боради.
Тадбирда Хитой Халқ Республикаси, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Туркманистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ҳам қатнашади.
Вазирлар учрашуви чоғида ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, томонлар учун манфаатли ҳамкорликни янада илгари суриш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт йўлаклари боғлиқлигига кўмаклашиш ва узлуксиз савдога кенг йўл очиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ҳамда замонавий чақириқ ва таҳдидларга қарши курашиш борасидаги муносабатларни чуқурлаштиришга оид долзарб масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган.
Ташриф давомида Камилов Хитой ТИВ раҳбари Ван И билан икки томонлама музокаралар ўтказади ва “Ипак йўли” 5-Халқаро ЭКСПО очилиш маросимида нутқ сўзлайди.