Фуқаро мурожаатига беписанд бўлган Оққўрғон тумани ҳоким ўринбосари жавобгарликка тортилди

Ҳоким ўринбосари "Ёшлар дафтари"га киритилган фуқаронинг ёрдам сўраб ёзган аризасини хизмат хонасида сақлаб келган. Орадан 77 кун ўтган бўлса ҳам мурожаатни рўйхатдан ўтказиш, кўриб чиқиш ва муаллифга жавоб хати юбориш чораси кўрилмаган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 май – Sputnik. Тошкент вилояти Оққўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари мурожаатларни жавобсиз қолдиргани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳоким ўринбосари "Ёшлар дафтари"га киритилган фуқаро М.Э.га ер ажратиб беришда амалий ёрдам беришни сўраб ёзган аризасини хизмат хонасида сақлаб келган. Орадан 77 кун ўтган бўлса ҳам мурожаатни рўйхатдан ўтказиш, кўриб чиқиш ва муаллифга жавоб хати юбориш чораси кўрилмаган.
Вазифаларни бажармаганлар ишдан олинади: Мирзиёев амалдорларни қаттиқ огоҳлантирди
Бундан ташқари, шу каби қонун бузилишига 600 нафардан ортиқ ёшларнинг ер ажратиб бериш ҳақидаги мурожаатлари бўйича ҳам йўл қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Оққўрғон тумани ҳокимининг ўринбосарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 43-моддаси (жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.
Сал аввал Бухорода мурожаатларга эътиборсизлик билан ёндашган масъулларнинг 22 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод қилингани ҳақида хабар берган эдик.