Тошкентда "урушнинг митти гувоҳлари" китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Улуғ Ватан урушида қозонилган Ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан ташкил этилган "Урушнинг митти гувоҳлари" лойиҳаси ташаббускорлари Podrobno.uz агентлиги ва "Капиталбанк" АТБ. Китоб рус тилида бўлиб, Ўзбекистондаги мактаб, кутубхона ва музейларга етказилади.
Sputnik
ТОШКEНТ, 8 май - Sputnik. Фашистлар Германияси устидан қозонилган Ғалабанинг 76-йиллиги арафасида Тошкентда болалиги залворли уруш йилларига тўғри келганлар хотиралари альбом кўринишида чоп этилди. Китобда етим болалар, блокададан омон қолганлар ва концлагер асири бўлган инсонлар хотиралари ўз аксини топган.
"Урушнинг митти гувоҳлари" деб номланган нашр 1 минг ададда чоп этилган ва мамлакатдаги мактаблар, кутубхоналар ва музейлар учун мўлжалланган. Лойиҳа муаллифи - Podrobno.uz агентлиги, "Капиталбанк" АТБ эса лойиҳа ҳомийси бўлди.

"Биз учун бу ижтимоий лойиҳадир. Биз ҳозирги авлод ота-боболари жасоратларини ҳамиша ёдда сақлашларини, мусаффо осмонни ва бугун биз эга бўлган барча нарсаларни қадрлашларини истаймиз. Биз ёшларимиз яхшилик ва меҳр, бағрикенглик ва саховат, олижаноблик ва инсонпарварлик ҳақида мудом ёдда тутишларини истаймиз. Инсонлар жасорати у ҳақда хотирлашса мангу яшайди".

Алишер Мирзаев "Капиталбанк" АТБ бошқаруви раиси

Альбом "Маленькие свидетели войны"

Лойиҳа муаллифлари ҳаётнинг ўзи уларни ҳарбий мавзуни янгича ракурсдан қайта кўриб чиқишга туртки берганини айтишади. Афсуски, Иккинчи жаҳон уруши майдонларида жанг қилган фахрийлар сони жуда кам қолди, аммо болалиги урушнинг оғир кунларига тўғри келган, урушнинг барча даҳшатлари ва машаққатларини бошдан кечириб, омон қолганлар кўп ва уруш митти нигоҳларда қандай гавдаланганини улар жуда яхши хотирлашади.

"Ушбу китобда сиз ўша даҳшатли уруш болаларининг ҳақиқий ва бўрттирилмаган хотираларига дуч келасиз. Бу улар қай тарзда концлагерларда жасадларни ташиганлари, ёки яқинларини ёқиб юборишганини ўз кўзлари билан кўришгани ёки бўлмасам фашистларнинг ваҳшиёна қилмишлари туфайли минг-минглаб инсонлар қирилиб кетишгани ҳақидаги хотиралардир. Бунда барчасидан жудо бўлган, аммо таслим бўлмаган, ўзи оч қолиб, охирги нон увоқларини бошқалар билан бўлишган болалар хотиралари ҳам бор. Улар бугун авлодлардан илтимос қилаётган асосий нарса - Ғалаба қандай машаққат ва жудоликлар билан эришилганини ёдда тутиш ва бу сингари ҳодисаларга бошқа ҳеч қачон йўл қўймасликдир".

Андрей Тешаев "Подробно.уз" АА бош муҳаррири

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳам ушбу лойиҳа аҳамияти ва ўзига хослиги ҳақида тўхталар экан, бундай ташаббуслар жамиятни жипслаштиришини таъкидлади.

"Албатта, йиллар ўтиб кетди, биз эндиликда ўз ташвишларимиз билан бандмиз, лекин ўтмишдаги Ғалаба ва уни эришиш учун содир этилган жасоратларни, қаҳрамонликларни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Ўтган йили мамлакатимизда ноёб Ғалаба боғи яратилди. Мени фикримча, ушбу байрамда ҳаммамиз фарзандларимиз билан шу боғга айлангани борсак, фойдадан холи бўлмасди, токи келажак авлод ҳам бизнинг умумий тарихимизни билсин. Сабаби, фахрийларимизни йилда бир марта эмас, балки ҳар кун, ҳамиша ёд этишимиз ва уларга ҳурмат кўрсатишимиз ҳам қарз, ҳам фарз".
Тақдимотда сўзга чиққан Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Мальгинов ўзбекистонлик ҳамкасбларига тарихга, айниқса, Улуғ Ватан уруши қаҳрамонлари хотирасига бўлган ўта зийрак ва эҳтиромли муносабат учун миннатдорлик билдирди.

"Мен чет элда жуда кўп ишлаганман ва кўплаб мамлакатларда бўлганман. Афсуски, ҳамма жойда ҳам, ҳатто МДҲ маконида ҳам бизнинг умумий тарихимизга бундай зийраклик ва эҳтиёткорлик билан қарашларини кўравермайман. Ўзбекистон бу маънода жуда ҳайратлантирмоқда ва бу ёқимли, албатта. Ўтган йили очилган Ғалаба боғи ҳам бу гапимнинг яққол тасдиғидир. Тарихимизни сохталаштиришларига ва бузиб кўрсатишларига асло йўл қўймаслигимиз керак ва бу бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир, сабаби бунга уринишлар мунтазам кузатилмоқда. Бу сингари лойиҳалар эса халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлайди ва биз уларни доимо қўллаб-қувватлашга ва бунга ўз ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз".
Олег Мальгинов, РФ Ўзбекистондаги элчиси

"Урушнинг митти гувоҳлари" китоби ҳозирча фақат рус тилида нашр этилган, лойиҳа иштирокчиларининг айтишича, альбомга бўлган талаб жуда юқори, шу боис тиражни тўлдиришга эҳтиёж бор. Бундан ташқари, китобни ўзбек тилида нашр этиш ҳам режага киритилган. Буклетнинг электрон версияси ҳам мавжуд.