ТОШКЕНТ, 7 май – Sputnik. Ўзбекистонда чет тилларини ўқитиш тизими такомиллаштирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида чет тилларини ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтилди.
Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати, дунё бозорига фаол кириб бораётгани, барча соҳаларда халқаро ҳамкорлик кенгаяётгани хорижий тилларни билишга эҳтиёжни оширмоқда.
Лекин, жойлардаги аҳвол мақсад қилинган катта режаларга мос эмас.
Таълим тизимида 2 мингдан ортиқ чет тили ўқитувчиси лавозими вакант бўлиб қолмоқда. 1 минг 400 та мактабда чет тилини ўқитиш сифати мутлақо қониқарсиз. Бу тизимдаги ўқитувчиларнинг атиги 4 фоизи миллий ва халқаро тил сертификатига эга. Хонобод ва Қувасой шаҳарлари, Зафаробод, Миришкор, Тўрткўл, Шеробод ва Узун туманларида бундай сертификатли бирорта ўқитувчи йўқ. Мактаблардаги чет тили ўқитувчиларининг 49 фоизи тестдан ўта олмаган.
Йиғилишда тизимдаги муаммолар атрофлича таҳлил қилиниб, устувор вазифалар белгиланди.
"Мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатиш бўйича келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган янги тизимни йўлга қўйиш вақти-соати келди. Биз рақобатдош давлат қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, бундан буён мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юрти битирувчилари камида 2 та чет тилини мукаммал билишлари шарт. Бу қатъий талаб ҳар бир таълим муассасаси раҳбари фаолиятининг асосий мезонига айланиши лозим", – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилиши маълум қилинди.
Бу Агентлик дунёда самарали натижа берган ўқитиш методикалари, дастур ва дарсликларини таълим тизимида жорий этиб, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштиришга кўмаклашади. Таълим муассасалари, тармоқлар ва ҳудудларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, камида 10 та чет тилини ўргатишни ташкиллаштиради.
Шунингдек, вазирлик, идора ва бошқа иш берувчилар билан бирга, хизматчиларнинг касбий фаолиятини хорижий тилларда тўлиқ амалга ошириш имкониятини берадиган методикаларни ишлаб чиқиб, шароитга мослаган ҳолда, амалиётга жорий этади.
Давлат тилидан хорижий тилларга ва хорижий тиллардан давлат тилига профессионал таржима қилиш методикаларини яратиш ҳам унинг асосий вазифаларидан бири бўлади.
Агентлик хорижий тилларни билиш рейтингини ҳам юритади. Чет тили ўқитувчилари учун малака талаблари ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқади ҳамда малака тоифаларини беради.
Агентлик “боғча – мактаб – олий таълим – корхона” занжири орқали, аҳолининг барча қатламига мос бўлган методика, тавсия ва дарсликларни ишлаб чиқади ҳамда жорий этади.