ТОШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилиши муносабати билан Бўстонлиқ туманида "Бектемир – Чирчиқ – Ғазалкент – Чорбоғ" автомобиль йўлида маълум вақтларда транспорт ҳаракати чекланади, деб хабар қилмоқда ЙҲХББ.
6 май куни соат 9:00дан 14:00га қадар Чорбоғ автомобиль йўлининг 34-54 километрлари оралиғи;
7 май куни соат 9:00дан 14:00га қадар Тошкент – Чорбоғ – Чимён автомобиль йўлининг 34-71 километрлари оралиғи;
8 май куни соат 9:00дан 14:00га қадар Чирчиқ шаҳри – Чирчиқ Олимпия заҳиралар коллежи автомобиль йўлида транспорт ҳаракати чекланишини маълум қиламиз.
Велоспортнинг шоссе тури бўйича Ўзбекистон чемпионатида эркаклар, аёллар ҳамда 2003-2004 йилларда туғилган ёшлар (қизлар) велошоссенинг жамоа, кретериум ва жуфтлик пойгалари бўйича мамлакат чемпионлиги учун ўзаро беллашади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу йилнинг январ ойида Ўзбекистонда велоспорт бўйича биринчи профессионал жамоа - “Uzbekistan Cycling Pro Team” ташкил этилиши эълон қилинган эди. Жмоа штаб-квартираси Словенияда жойлашган бўлиб, унга 16 нафар эркак ва аёл спортчилар, жумладан Муроджон Холмуродов ва Ольга Забелинская каби профессионал спортчилар жалб этилиши режалаштирилган эди.