ТОШКЕНТ, 5 май – Sputnik. Ўзбекистон Россия билан ҳарбий ҳамкорликни ривожлантирмоқда холос, ваҳимага ўрин йўқ, деб расмий баёнот берди Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги.
“Икки давлат мудофаа вазирликлари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг мантиқий давомидир. Россия Федерацияси билан ҳамкорликнинг Ўзбекистон Республикаси учун турли оқибатлари тўғрисидаги бир ёқлама мулоҳазалар асоссиздир”, - дейилган расмий баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, апрел ойининг охирида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг Ўзбекистонга ташрифи амалга оширилган эди. Ушбу ташрифдан сўнг ижтимоий тармоқларда турли асоссиз миш-мишлар тарқала бошлади.
Мудофаа вазирлиги ана шундай ваҳималарни тарқатаётганларга Ўзбекистон Конституцияси ва ҳарбий доктринасидаги айрим муҳим пунктларни эслатиб ўтди:
ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базалари ва объектларининг жойлаштирилишига йўл қўймаслик;
Қуролли Кучларнинг хориждаги тинчлик ўрнатиш билан боғлиқ операцияларда ва ҳарбий можароларда иштирок этмаслиги".
Шуннгдек, Мудофаа вазирлиги Россия Ўзбекистоннинг кўп йиллик ишончли ҳарбий ҳамкори эканини яна бир бор таъкидлади.
Бундай ҳамкорликнинг асосини авваломбор, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида 2004 йил 16 июлда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ҳамда 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ташкил этади.
Бугунги кунда Россия Ўзбекистон аҳолисининг тинч ҳаётини таъминлаш, шунингдек, минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига қурол ва ҳарбий техника етказиб бериш бўйича шерик бўлиб қолмоқда, - дейилган хабарда.