ТОШКЕНТ, 1 май – Sputnik. Россияда узоқ муддат қолишни истаган хорижий фуқаролар учун 10 йиллик электрон ҳужжат жорий этилади. Бу ҳақида ИИВ ТАСС ахборот агентлигига хабар қилди.
Электрон ҳужжатда хорижий фуқаро ҳақида барча керакли маълумотлар ҳимояланган кўринишда сақланади. Ҳужжат муддати 10 йил бўлиб ундан сўнг янгисига алмаштирилади.
Россияда 90 кундан ортиқ муддатга қолишни истаган барча хорижий фуқаролар, уларнинг мақсади ўқиш, иш, даволаниш ва бошқа бўлишидан қатъий назар, ана шундай электрон ҳужжат расмийлаштириши керак бўлади.
Хабарда айтилишига кўра, биринчи навбатда ушбу тизим Москвада ишга тушади. Айни дамда ИИВ томонидан ушбу жараённи амалга ошириш механизми ишлаб чиқилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бироз олдин ИИВ Миграция хизмати раҳбари Казакова меҳнат мигрантлари учун Россиянинг “Госуслуги” портали муқобили пайдо бўлиши ҳақида маълум қилган эди. Казакова айтишига кўра мигрантлар янги платформадан мобил илова шаклида фойдаланиши мумкинлиги ва керакли давлат хизматларини электрон кўринишла олишлари мумкинлигини хабар қилган эди.