Мирзиёев ва Раҳмон тожик-қирғиз чегарасидаги вазиятни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари долзарб минтақавий ва икки томонлама масалаларни муҳокама қилдилар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 апр — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 30 апрель куни Тожикистон Республикаси президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.
Давлат раҳбарлари Тожикистон-Қирғизистон чегарасидаги вазиятнинг ривожланишини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон Президенти юзага келган вазиятни тез фурсатда ҳал қилиш ва унинг кескинлашувига йўл қўймаслик бўйича Тожикистон ва Қирғизистон томонлари эришган келишувларни қўллаб-қувватлади.
Мирзиёев ва Бердимуҳамедов транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга келишиб олишди
Мавжуд барча масалалар дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатлари руҳида, фақат музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қилиниш муҳим экани таъкидланди.
Тожикистонга бўлажак олий даражадаги ташрифга тайёргарликнинг бориши ҳам кўриб чиқилди. Мамлакатлар бош вазирлари ўтган ҳафта Хўжанд шаҳрида ўтказган амалий учрашувнинг самарали натижалари мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган кенг кўламли ҳамкорликнинг янги “ўсиш нуқталари”ни биргаликда аниқлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.