ТОШКЕНТ, 30 апр – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистонга амалга оширилаётган ташрифи доирасида Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда президентлар икки мамлакат халқларининг кўп асрлик дўстлик ва қўшничилик ришталарини ҳамда стратегик шериклик муносабатларини изчил мустаҳкамлашга келишиб олишди.
Шунингдек, музокараларда, кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми уч баробардан зиёдга кўпайгани қайд этилди. Ўзаро савдо ҳажми 2020 йил якунларига кўра 530 миллион долларга етгани ҳамда 150 дан ортиқ қўшма корхона ташкил этилгани қайд этилди.
Ундан ташқари, томонлар халқаро транспорт ва транзит йўлагини яратиш тўғрисидаги “Ашхобод битимини” бундан буён ҳам биргаликда илгари суриш, шунингдек, “Хитой – Марказий Осиё – Жанубий Кавказ – Туркия” мультимодал маршрутининг самарали ишлатилишини таъминлаш ва транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ҳамкорликни давом эттиришга тайёр экани таъкидлашди.
Шавкат Мирзиёев Президенти Туркманистон раҳбарига Ашхобод шаҳрида “Тошкент” боғини ташкил этиш ташаббуси учун алоҳида миннатдорлик билдирди.
Президентлар яқин вақт ичида Тошкент шаҳрида Савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказишга келишиб олишди.