ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида баландлиги 62,5 метрга тенг давлат байроғини ўрнатиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “Қашқадарё” газетаси хабар қилди.
Байроқ мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида шаҳардаги Мустақиллик майдонида ўрнатилади.
Маълум қилинишича, давлат байроғининг биргина устунини бунёд этишга 1 млрд 350 млн сўм маблағ сарфланади. Объект буюртмачиси Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармаси, пудратчиси эса "Воҳа махсус монтаж сервис" МЧЖ ҳисобланади.
Мазкур флагшток устуни диаметри 430 миллиметрдан 1220 миллиметргача бўлган пўлат қувурлардан ташкил топади. Уни Тошкентда жойлашган "Бектемир металл конструкциялари" қўшма корхонаси тайёрлаб қўйган. 10 метрдан иборат байроқнинг ўзи эса Фарғона водийсидаги ишлаб чиқариш корхоналаридан бирида тикилган.
Лойиҳага кўра, Давлат байроғи ўрнатилгач, унинг атрофидаги 2 минг квадрат метрлик ҳудуд ободонлаштирилиб, майсазор ва гулзорлар барпо этилади, манзарали дарахтлар экилади ва янги йўлакбоп плиткалар териб чиқилади. Мустақиллик майдонининг шу қисмида байроқнинг тарихи ва тавсифи акс этган тош лавҳлар ҳам ўрнатилади.